“Uzbekistan GTL” миллий стандартларни қабул қилиш борасида илк қадамларни қўйди
Маълумки, "Стандартлаштириш тўғрисида"ги Қонун билан мамлакатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун миллий стандартлар яратиш белгилаб қўйилган. Мазкур қонун миллий иқтисодиётни янада мустаҳкамлаш, маҳсулотлар сифатини юқори даражага кўтариш ва ички ҳамда ташқи бозорда рақобатбардошликни оширишга қаратилган.
Ушбу қонун ижросини таъминлаш мақсадида “Uzbekistan GTL” МЧЖ миллий стандартларни қабул қилиш борасида биринчилардан бўлиб икки муҳим стандартни миллийлаштиришга муваффақ бўлди. Жумладан, “O‘zMSt 263:2024 Sintetik nafta. Texnik shartlar” ва “O‘zMSt 264:2024 Texnik sintetik kerosin. Texnik shartlar” — Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартлар рўйхатига киритилди.
Синтетик нафта ва техник синтетик керосин энергия ва кимё саноатида жуда муҳим бўлиб, улар юқори сифатли синтетик ёқилғилар олиш учун асосий хомашё ҳисобланади. Бу стандартларни қабул қилиш нафақат ички бозорда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кафолатлайди, балки ташқи бозорларда ҳам Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширади.
Мазкур стандартларнинг қабул қилиниши миллий саноат ва ишлаб чиқариш соҳасини халқаро меъёрларга мувофиқ ривожлантиришга, маҳсулотлар сифатини таъминлашга ва экспорт салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.
“Uzbekistan GTL” миллий стандартларни қабул қилиш борасида биринчи қадамларни қўйиб, саноатда сифат ва самарадорликни ошириш йўлида муҳим вазифани бажарди. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига ўз ҳиссасини қўшади.