Лойиҳа бошқаруви ва қурилиш бўйича илғор тажрибалар ўзлаштирилди
Мутахассислар учун Москва шаҳрида жойлашган “ЛУКОЙЛ-Инжиниринг” МЧЖда “Нефт-газ объектларида лойиҳалаштириш методлари ва капитал қурилишни ташкил этиш” мавзусида малака ошириш дастури ташкил этилди.
Ўқув дастури доирасида лойиҳаларни бошқаришнинг интеграциялашган тизими, йирик капитал лойиҳаларни амалга оширишда таҳлилга асосланган қарорлар қабул қилиш ҳамда инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш бўйича маърузалар тингланди.
Шунингдек, ташкил этилган амалий машғулотларда “HAZOP” ва “HAZID” методларини қўллаш, хавфли ишлаб чиқариш объектларини лойиҳалаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш усуллари, капитал лойиҳалар учун корпоратив ахборот платформалари, стандартлаштирилган лойиҳа ечимларини жорий этиш, харажатларни режалаштириш, мониторинг қилиш ва назоратни амалга ошириш масалалари кенг ёритилди.
Иштирокчилар шахсий самарадорликни ошириш бўйича кўникмаларни ҳам такомиллаштириш имконига эга бўлишди. Шунингдек, қурилиш жараёнларини самарали бошқариш, ишга тушириш-созлаш ишларини олиб бориш ва объектларни фойдаланишга топшириш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Дастурнинг якунловчи қисмида “ЛУКОЙЛ-Инжиниринг” компаниясининг бизнес акселератор доирасида стартапларни жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш тизими ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.