“Ўзбекнефтгаз”: Хитойнинг экспорт ва кредитни суғурталаш корпорацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Хитойнинг “China Export & Credit Insurance Corporation, SINOSURE” экспорт ва кредитни суғурталаш корпорацияси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.
Учрашувда хорижий томонга “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг иқтисодий барқарорлиги, акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилган натижалар ҳамда трансформация жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, томонлар ўртасида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги ривожлантириш режалари ҳамда экспорт кредит агентлиги (ЭКА) суғуртаси орқали молиялаштиришнинг кейинги босқичлари муҳокамаси бўлиб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан харид қилинадиган бурғилаш ускуналари ва қудуқ устки компрессор станцияларини ЭКА суғуртаси орқали молиялаштириш жараёнлари ҳамда суғурта жараёнинг кейинги босқичлари кўриб чиқилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан хорижий суғурта агентига акциядорлик жамиятининг ҳамкорлари билан имзоланган EPC (Инжиниринг, харид ва қурилиш) шартномалари доирасида алоқаларни йўлга қўйиш таклифи берилди.
Музокаралар якунида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Sinosure” корпорацияси раҳбарияти ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини қайд этишди.
Маълумот учун: "China Export & Credit Insurance Corporation (SINOSURE)" – 2001 йилда ташкил этилган Хитой Халқ Республикасининг давлат суғурта корпорацияси ҳисобланади. Sinosure’нинг мақсади – экспорт маҳсулотлари ва кредитларини суғурталаш орқали Хитой маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, Хитой компаниялари хорижий инвестицияларини қўллаб-қувватлашдан иборат.