GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик дизелнинг Грузия орқали Европага экспорти йўлга қўйилди
Хабарингиз бор, Қашқадарёда бўлиб ўтган пресс турда “Uzbekistan GTL” заводи томонидан ишлаб чиқарилаётган “премиум” тоифада таснифланувчи синтетик дизель маҳсулотини Европа ва бошқа чет эл давлатларига экспорт қилиш жараёнлари бошланиши ҳақида маълумот берилган эди.
Яқинда ўтказилган танлов натижаларига кўра, имзоланган экспорт шартномаси шартларига мувофиқ, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб йил якунига қадар 100 минг тонна синтетик дизель ёқилғисини Европа ва бошқа чет эл давлатларига етказиб берилиши белгиланган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Uzbekistan GTL” заводидан синтетик дизельнинг биринчи партияси юкланиб, Европа иттифоқи давлатлари орқали Америка Кўшма Штатларига экспортга жўнатилди.
Эътиборлиси шундаки, экспорт қилинаётган синтетик дизель нархи ички бозорга биржа савдо платформалари орқали етказиб берилаётган нархга нисбатан юқори ва рақобатбардош нархларда сотувлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Uzbekistan GTL” заводида 2023 йилда “Евро-6” тоифасидаги 1 миллион тоннадан ортиқ экологик тоза, юқори сифатли ва миллий ва халқаро стандартларга тўлақонли жавоб берадиган синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Заводнинг ишлаб чиқариш қуввати ички бозорнинг юқори сифатли дизель ёқилғисига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш имконига эга. “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари ҳар куни ички бозор учун “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончаларига узлуксиз тарзда жойлаштирилиб келинмоқда.
GTL дизелини экспортга етказиб бериш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.