“Ўзбекнефтгаз” АЖ турли веб-сайт ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини фирибгарлар тузоғидан огоҳлантиради
Сўнгги вақтларда фирибгарлар ўз мақсадларига эришиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан фойдаланишнинг янги турли усулларини ўйлаб топишмоқда.
Интернет тармоқларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан инвестиция киритиш орқали даромад олиш ҳақидаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган, навбатдаги ёлғон хабар тарқатилмоқда.
Фирибгарлар тарқатаётган бу галги ёлғон хабарда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Лондон халқаро фонд биржасида узоқ муддатли корпоратив облигациялар (евробондлар) жойлаштирилиши ортидан Ўзбекистон аҳолисига сармоя киритиш имкони берилгани айтилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акцияларини 1 000 000 сўмга сотиб олиб, мўмай даромад топиш таклиф этилиб, ёлғон чақириқ қилган фирибгарлар интернет фойдаланувчиларнинг телефон номер ва пластик карталаридан пул ечиб олишга уринишлари мумкин.
Ҳурматли интернет фойдаланувчилари “Ўзбекнефтгаз” АЖ номидан фойдаланиб, даромад илинжида юрганларнинг алдовларига учманг. Бундай маълумотлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг мутлақо алоқаси йўқ ва бу ёлғондир.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ фаолияти билан боғлиқ расмий хабарларни, жамиятнинг www.ung.uz веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали танишишингиз мумкин.