Объектларда аварияларни бартараф этиш бўйича машғулотлар ўтказилди
Қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, фавқулодда вазиятлар ва йирик аварияларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Қашқадарё вилоятида жойлашган объектларда қўмондонлик штаб-ўқув машқлари ўтказилди.
Ушбу тадбирларда Муборак, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, Муборак газни қайта ишлаш заводи, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖлардаги жами 22 та ўқув нуқтаси белгилаб олинди.
Машғулотларда фавқулодда табиий газ сизиб чиқиши билан боғлиқ аварияларни бартараф этиш, электр, хом ашё гази таъминотида содир бўлган узилишлар оқибатида қурилмаларнинг ишдан тўхташи, аварияларсиз тўхтатиш тадбирлари бўйича ходимларнинг ҳаракатлари намойиш этилди.
Шунингдек, шартли равишда объект ҳудудида кучли ёнғин содир бўлганда, алтернатив электр энергиясини ишга тушириш, аномал совуқ об-ҳаво натижасида ускуналарнинг музлаб ишдан чиқиш ҳолатларини бартараф этишга тайёргарлик кўрсатилди.
Тадбирларга ёнғин хавфсизлиги, тиббий, алоқа гуруҳлари, газдан қутқариш отрядлари ва бошқалардан иборат 290 та шахсий таркиб ва 58 та махсус техника жалб этилди.
Объект раҳбарлари, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва доимий шай хизматлар мавсумда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёргарлиги эътироф этилди ва “Тайёр” деб баҳоланди. Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан Ташаккурномалар билан тақдирланди.
Машғулотлар жамият тасарруфидаги объектларда тизимли равишда давом эттирилади.