March 31, 2023

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Республика фонд бозорида акцияларини бирламчи оммавий жойлаштиришга (IPO) тайёрланмоқда

O‘zbekcha Ruscha

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 21 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2023 йилда энг йирик компания ва тижорат банкларининг акциялари аҳоли учун очиқ ва шаффоф савдога чиқарилиши айтиб ўтилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-102-сонли қарорига мувофиқ, 40 та корхона, жумладан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам акция пакетлари “битта акция – битта лот” тамойили асосида маҳаллий фонд бозорида халқ IPOсини ўтказиш тартибида оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилади.

Қарорга мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2 фоизгача акциялари савдога чиқарилади ва аҳолига “E-auksion” электрон савдо платформаси, шу жумладан, мобил иловаси орқали савдода иштирок этиш имконияти яратилади.

Айни пайтда “Ўзбекнефтгаз” АЖ акцияларини маҳаллий фонд бозорига жойлаштиришга тайёргарлик кўриш жараёнида IPO ўтказишга хизмат кўрсатувчи компанияларни (андеррайтер, консултант ва бошқалар) жалб қилиш ишлари бошланган.

Жамиятнинг имкониятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тарғиб қилиш, жозибадорлигини ёритиб бериш мақсадида оммавий ахборот воситаларида мунтазам маълумотлар бериб борилади ва республикамизнинг ҳар бир вилоятида “Road show” ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Аҳоли IPO бўйича ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида доимий равишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий веб-сайти, оммавий ахборот воситалари ва бошқа расмий манбалар орқали хабардор қилиб борилади.

Маълумот учун: Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ 50 дан ортиқ ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан 13 та қўшма корхона, углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 10 та ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, бир қатор мувофиқлаштириладиган ноишлаб чиқариш ва илмий–техник блокларни бирлаштирган замонавий вертикал интеграциялашган компания ҳисобланади.

Ҳукуматнинг бу чораси компаниялар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, энергетика соҳасини либераллаштириш ва ушбу соҳага халқимизнинг сармояларни жалб қилишни осонлаштиришга интилаётганининг ёрқин далилидир. Бу нафақат “Ўзбекнефтгаз” АЖга, балки бутун мамлакат иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Жамиятда ўз фаолиятини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича улкан режалар бор. Бу эса катта капитал қўйилмаларни талаб қилади. Компания капитал бозорига кириб, кенг доирадаги сармоядорлардан маблағ жалб қила олади. Бу нафақат лойиҳаларни молиялаштиришга ёрдам беради, балки аҳолига Ўзбекистоннинг саноат ва энергетика соҳаларини ривожлантиришда иштирок этиб, даромад олиш имкониятини ҳам беради.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|