March 18

Докторлик диссертациялари учун экспериментал маълумотлар тўпланди

O‘zbekcha Ruscha

Шўртан газ кимё мажмуаси Марказий лабораториясида Бухоро давлат техника университети профессор-ўқитувчилари илмий малака оширишди. Амалиёт Президентимизнинг "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, Шўртан газ кимё мажмуаси лабораторияси республикамиздаги энг илғор синов лабораторияларидан бири ҳисобланади. Бу ерда замонавий ускуналар базаси, юқори аниқликдаги тадқиқот усуллари ҳамда тажрибали мутахассислар билан ишлаш имконияти мавжуд.

Илмий амалиёт даврида университетнинг Нефт ва газни қайта ишлаш технологияси кафедраси профессор-ўқитувчилари ва докторант ходимлари мажмуа марказий лабораториясида табиий газни қайта ишлаш ва полиэтилен грануласи ишлаб чиқариш жараёнларида бажариладиган аналитик назорат ишлари билан танишди. Шунингдек, табиий газни нордон газлардан тозалаш ҳамда регенерация қилишни назорат қилиш кўрсаткичларини ўрганиш ҳамда кузатувлар олиб боришди.

Ҳозирги кунда мажмуада турли мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган полиэтилен грануласининг бозор талабларидан келиб чиқиб, 20 дан ортиқ маркаси ишлаб чиқарилади. Ишлатилиш соҳасига қараб полиэтилен гранулалари ўзига хос бўлган бир неча синовлардан ўтказилади. Энг замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида аниқлаш жараёнларини кузатиш илмий ходимларга қимматли маълумотларни олиш имконини берди.

Амалиёт якунида олий таълим муассасалари вакиллари докторлик диссертациялари учун экспериментал маълумотлар тўплаганликларини таъкидладилар. Бундай илмий ҳамкорлик натижасида муассаса вакиллари ишлаб чиқариш тажрибасига эга бўлиш билан бирга, илмий изланишлар амалий самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Матбуот хизмати