Газли ҳудудида 2500 кв км майдонда ЗD сейсмик-қидирув ишлари бошланди
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти юртимизда нефт ва газ қазиб чиқариш соҳасини ривожлантириш, конларни қидиришнинг илғор технологияларини умумлаштириш бўйича тизимли ишларни давом эттирмоқда.
Мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ катта ишлаб чиқариш ва технологик салоҳиятга эга ишончли корхоналарни ҳамкорликга жалб этмоқда. Жумладан, Татарстоннинг “ТНГ-Групп” компанияси билан ҳамкорликда Газли регионининг Дояхотин участкасида 2500 кв км ҳажмда ЗD сейсмик-қидирув ишларини бажариш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 20 та коннинг рақамли геологик моделлларини яратиш, уларнинг чуқур қатламларини ўрганиш орқали конларнинг қўшимча истиқболларини баҳолаш, шунингдек 25 дан ортиқ янги майдонинг углеводород ресурсларини аниқлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш мўлжалланган.
Ҳозирда жалб қилинган ишчи ходимлар барча техник анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган ҳамда тегишли йўриқномалар асосида қайта тайёргарликдан ўтказилган.
Илғор ва замонавий технологияларни қўллаш, масалалар ечимига комплекс ёндашув ва юқори малакали етук мутахассислар иштирокида лойиҳанинг асосий қисмини жорий йилнинг охиригача якунлаш мўлжалланмоқда.