October 24, 2023

Газ қувурларига яширин ўрнатилган хомут ва ҳовузлар фош этилди

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йилнинг октябрь ойида “Ўзбекнефтгаз” АЖ алоқа каналларига газ қувури механик равишда тешилиб, маҳсулотни ўғирлаш учун хомут ўрнатилгани ҳақида маълумот келиб тушди.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидан Газли газни қайта ишлаш заводига конденсат етказиб берувчи ушбу қувур “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ҳудудий комплаенс инспекторлари ва Бошқарманинг қўриқлаш бўлими ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилди.

Ўтказилган тезкор тадбирда қувурдан тахминан 600 метр узоқликда қумга кўмилган резина шланг ҳамда полиэтилен плёнка билан қопланган, ўлчами 2х4 метр кавланган чуқур аниқланди.

Кузатувлар жараёнида ходимларда Бошқармага қарашли узунлиги 66 км бўлган магистрал қувур йўналишида номаълум шахслар бошқарувидаги, давлат рақами яширин бўлган “УАЗ” русумли автоуловларнинг серқатнов бўлиб қолгани шубҳа уйғотди.

Ўрганишлар натижасида мазкур йўналишдаги қувурга ўрнатилган яна битта хомут ва ундан тахминан 700 метр узоқликгача тортилган шланг ҳамда полиэтилен плёнка билан қопланган ҳажми 10х2,5м бўлган ҳовуз топилди.

Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube