“Ўзбекнефтгаз”: Техник хизмат кўрсатишда янги ёндашувлар жорий этилмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖда “Ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш” лойиҳасини амалга ошириш ишлари давом эттирилмоқда. Дастур доирасида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасидаги ротацион ускуналарни диагностика қилиш ва асбоб-ускуналарга ҳақиқий техник ҳолатига (ҲТҲ) кўра, техник хизмат кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.
Айни пайтда ишлаб чиқилган муҳандис-диагност режа-жадвалига асосан "Шарқий Бердақ" сиқув компрессор станцияси ва газни комплекс тайёрлаш қурилмаси насослари ҳамда электродвигателлари диагностикадан ўтказилди.
Ҳозирда бошқармага қарашли насослар, компрессорлар, вентиляторлар ва электр двигателлар каби ротацион ускуналарни диагностика қилиш бўйича маълумотлар тўпланмоқда. Муҳандис-диагностлар томонидан виброметр орқали ушбу тоифадаги ускуналарнинг тебраниш тезлиги аниқланмоқда. Бундан ташқари, тепловизор ва пирометрлар орқали диагностика қилинадиган электр ускуналар рўйхати тузилмоқда.
Ротацион ускуналарнинг ҳолати ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлингач, диагностика қилинадиган ускуналарнинг якуний рўйхатини тасдиқлаш режалаштирилган. Таснифлаш натижаларига кўра, ротацион ускуналарнинг бир қисми режали-огоҳлантирувчи таъмирлашдан (РОТ) ҳақиқий техник ҳолатига кўра таъмирлашга ўтказилади.
Бугунги кунда предиктив техник хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ва тебраниш параметрларини таҳлил қилиш учун виброанализатор харид қилинди. Ушбу асбоблардан олинган маълумотлар техник хизмат кўрсатишни самарали бошқаришнинг имконини беради.
Предиктив техник хизмат кўрсатиш тизими дастлаб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида синов-тажриба сифатида қўлланилганда ротацион ускуналарни таъмирлаш оралиғини оширилишига эришилди. Шунингдек, ушбу тизим ускунада мумкин бўлган носозликларни прогноз қилиш имконини ҳам яратади. Бунинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади.