August 7, 2023

“GTL” дизель ёқилғисининг афзалликлари нимада?

O‘zbekcha Ruscha

Бугунги кунда ички ва ташқи бозорда талабгир бўлган “Uzbekistan GTL” заводи томонидан ишлаб чиқарилган синтетик дизель ёнилғисининг афзалликлари – юқори экологик ва операцион кўрсаткичларда ифодаланади.

“GTL” дизели патентланган “Sasol” технологиясидан фойдаланган ҳолда табиий газдан ишлаб чиқарилган мутлоқ синтетик, юқори сифатли ўрта дистиллатли ёнилғи ҳисобланади. Мазкур ёнилғи Европанинг энг юқори стандартларига жавоб бергани учун Евро 6 авлодига (К-6) мансуб бўлиб, премиум класс тоифасидаги ёнилғилар қаторига киради.

Қуйидаги жадвалда анъанавий ва “GTL” дизели ўртасидаги фарқни таққослаб кўриш мумкин:

Texaс қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик университети (Texas A&M University) томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида “GTL” дизель ёнилғисидан фойдаланиш атроф муҳитга чиқарилаётган чиқиндилар миқдорини сезиларли даражада камайтирганини кўрсатди.

“GTL” дизель ёнилғисининг таркибида олтингугурт миқдори деярли йўқ. Бу эса транспорт воситасининг эҳтиёт қисмлари, ёқилғи ва мойлаш материалларининг хизмат муддати, автомобилнинг техник хизмат кўрсатиш даври оралиғи оширилишини кафолатлайди.

Энг муҳими, транспорт воситаларида “GTL” дизел ёқилғисидан фойдаланилганда ҳавога олтингугуртли заҳарли бирикмаларнинг деярли чиқарилмаслиги атроф-муҳит ва инсон саломатлигига бўлган хавфни пасайтиради. Атмосферага зарарли чиқиндиларнинг чиқиши 40 фоизга камаяди.

“Sasol” томонидан ўтказилган синовларга кўра, “GTL” дизель ёнилғиси қўлланилишида мукаммал термал барқарорлик, тоза ва янада самарали ёнишга эришилади. Ушбу ёнилғининг юқори цетан сони двигателни ишга туширишни тезлаштиради, двигател шовқинини камайтиради, иссиқлик барқарорлигини яхшилайди ва двигателнинг юқори кучланишда ишлашини таъминлайди.

Мазкур маҳсулот ишлаб чиқарилиши мамлакатимизнинг ёқилғи мустақиллигини мустаҳкамлайди ва ички бозорни юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube