“Schlumberger” билан ҳамкорликнинг янги истиқболлари муҳокама қилинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Schlumberger” компаниясининг Марказий Осиё минтақаси раҳбари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, янги технологияларни татбиқ этиш ва геологик-қидирув ишларининг самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Schlumberger” дунёдаги энг йирик "Катта тўртлик"ка кирувчи компаниялардан бири ҳисобланади. 1926 йилда ташкил этилган компания глобал миқёсда ўз мижозларига энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга ёрдам берувчи рақамли ечимлар ва инновацион технологияларни таклиф этади.
Компания ўзининг замонавий ютуқлари билан 120 дан ортиқ давлатда нефт-газ соҳасида хизмат кўрсатади.
Маълумот ўрнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Schlumberger” компанияси билан 2019 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида нефт ва газ саноатида 5 тадан ортиқ йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди.
Бугунги кунда Жамиятнинг жорий йилга мўлжалланган геологик-техник тадбирларни шакллантириш ва уларни бажарилишини мониторинг қилиш бўйича Дастурни амалга ошириш, шунингдек, қудуқларни қуриш (бурғилаш асбоблари ва бурғилаш эритмалари) ва углеводород хомашёсини интенсификация қилиш соҳасида юқори сифатли хизматларни жалб қилиш бўйича самарали ҳамкорлик давом этмоқда.
Учрашув сўнгида томонлар келгусида янги лойиҳаларни амалга ошириш, энергоресурсларни қазиб чиқариш ва улардан самарали фойдаланиш йўналишида бажарилаётган ишлар бўйича келишиб олдилар.