Бухоро НҚИЗ – ёш мутахассислар учун амалий таълим ва тажриба мактаби
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибий корхоналарида талабаларни ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланган ҳолда тайёрлаш, малакали мутахассисларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунларда амалий ишлар доирасида Тошкент кимё-технология институтининг “Нефт ва нефт-газни қайта ишлаш технологияси” ҳамда “Газни чуқур қайта ишлаш технологияси” йўналишларида таҳсил олаётган 3-босқич талабаларининг навбатдаги гуруҳи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш амалиётини ўташмоқда.
Талабалар учун завод томонидан махсус амалий ўқув дастури ишлаб чиқилди. Унда ишлаб чиқариш жараёнлари билан тўғридан-тўғри танишиш, соҳадаги замонавий технологиялардан фойдаланиш, хавфсизлик қоидалари ва жисмоний муҳитдаги фаолиятга оид кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган машғулотлар ўрин олган.
Талабалар нефтни қайта ишлаш, бензин сифатини ошириш, дизел ёқилғисининг таркибидан олтингугуртни ажратиб олиш, авиация керосини ишлаб чиқариш, нефт маҳсулотларини сақлаш ва ташиш жараёнлари билан тўғридан-тўғри технологик майдонларда танишишмоқда.
Уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда кўп йиллик тажрибага эга бўлган устоз-мутахассислар фаол иштирок этмоқда. Улар талабаларга нефт маҳсулотларини сақлаш омборлари, қувур ўтказгичлар тизими, насос агрегатлари ва турли технологик қурилмаларни таъмирлаш ва назорат қилиш жараёнларини амалий тарзда кўрсатиб беришмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган бундай амалий машғулотлар ёш мутахассисларнинг реал иш шароитида билим ва кўникмаларини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига тез мослашиши ҳамда келажакда муваффақиятли мутахассис сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси доирасида талабаларга ишлаб чиқариш давомида фойдаланиладиган замонавий ускуналар, автоматлаштирилган назорат тизимлари ва экологик хавфсизлик стандартлари тўғрисида ҳам амалий маълумотлар бериляпти.