August 11, 2023

Журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди

O‘zbekcha Ruscha

Бугун "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Унда дастлаб Жамиятнинг юраги ҳисобланган Моделлаштириш маркази фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Моделлаштириш маркази фаолияти давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида йўлга қўйилган.

Углеводород конларини 3D усулда моделлаштириш, мавжуд геологик-техник маълумотларни рақамлаштириш ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда уни доимий равишда юритиш марказнинг асосий фаолияти ҳисобланади.

2019-2023 йиллар мобайнида марказ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги 7200 дан ортиқ қудуқ бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумотлар, 1400 дан ортиқ қудуқ бўйича 44 мингта геофизик тадқиқотлар натижалари, 5476 км кв. ва 750 та сейсмик маълумотлар рақамлаштирилган.

Журналистлар Марказий ишлаб-чиқариш диспетчерлик хизматида қудуқлардан қазиб олинаётган нефть ва газ, жойларда олиб борилаётган бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишлари, маҳсулот қуйиш эстакадаларидаги қолдиқлар, маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш ҳолатлари бўйича маълумотларни тезкор онлайн тарзда тўплаш жараёнларида иштирок этишди.

Шундан сўнг, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ биносида мутахассислар томонидан
“E-kon” лойиҳаси доирасида конларни рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этиш жоизки, ушбу лойиҳа 1400 дан ортиқ қудуқ, 150 дан ортиқ газ йиғиш пункти ва 14 та газ тозалаш иншоотини босим ва ҳарорат сенсорлари билан жиҳозлашни кўзда тутади. Улардаги маълумотлар симсиз алоқа орқали фойдаланувчилар учун махсус серверларга узатилади.

Бугунги кунга қадар ҳар бир кон бўйича 340 тагача ахборот оқими ягона дастурий-техник комплексида тизимли равишда боғланди. Камида 20 минг ахборот оқимини “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барча конлари учун ягона рақамлаштириш базасига бирлаштириш имконини берувчи глобал архиватор яратилди.

Якунда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан батафсил жавоблар олишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube