“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” 25-юбилей халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон 3-халқаро энергетика форуми ўз ишини якунлади
Жорий йилнинг 18-20 май кунлари Тошкентда очилган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” 25-юбилей халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон 3-халқаро энергетика форуми ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбир Республика ҳукумати кўмаги остида Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group”, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Ўзэкспомарказ" АЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар сабаб халқаро нефть-газ ва энергетика ҳамжамиятининг етакчи вакиллари бир жойда жамланди. Бу йил унинг доирасида қуйидаги соҳавий тадбирлар ўтказилди:
• “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 202” 25-Юбилей Халқаро кўргазмаси ва анжумани;
• “Энергетика, энергия тежаш, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2023” 16-Халқаро кўргазмаси;
• “Яшил энергия тежовчи технологиялар – GETCA 2023” ихтисослаштирилган бўлими;
• 3-Халқаро энергетика анжумани.
Тадбир ўз олдига Ўзбекистон ёқилғи-энергетика мажмуаси истиқболларини намойиш этиш ва халқаро тажрибани истиқболли лойиҳаларга интеграциялашувини мақсад қилиб қўйган эди ва албатта миссия бажарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида қабул қилинган стратегияга мувофиқ муқобил манбалардан олинадиган энергия улушини 2026 йилга қадар умумий ишлаб чиқариш ҳажмидан 25 фоизга етказиш режалаштирилаётгани таъкидланган эди. Шу муносабат билан энергетика соҳасидаги бундай муҳим тадбирларни ўтказиш саноатнинг сўнгги янгиликлари ва ривожланиш тенденцияларини акс эттирувчи воқеалар сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 202” 25-Юбилей Халқаро кўргазмасининг нефть-газ, тоғ-кон ва энергетика тармоқларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси жуда катта десак муболаға бўлмайди. Кўргазманинг юбилейига 47 та мамлакат 2500 дан ортиқ иштирокчи компаниялар, 250 та ҳомий компаниялар ташриф буюрди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ стендида 80 дан ортиқ турдаги нефть-газ маҳсулотлари намойиш этилди.
Шунингдек, Германия, Ҳиндистон, Россия ва Туркия компаниялари Миллий иштироки билан, Италия, Канада, Хитой ва Корея Республикаси компаниялари жамоавий стендлари билан кўргазмада қатнашдилар.
Унда саноат гигантлари ҳамда нефть ва газ бозорига эндигина кирган бошланғич компаниялар ҳам иштирок этди.
Шундай қилиб, OGU кўргазма ва анжуманлар кунларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти томонидан 20га яқин хорижий компаниялар президентлари ва вакиллари билан олиб борилган учрашув ва музокаралар натижасида қатор келишувлар, шартнома ҳамда меморандумлар имзоланишга муваффақ бўлинди.
Озарбойжоннинг “SOCAR”, Канаданинг “Condor Energies”, “Golden Horizon”, АҚШнинг “Solar Turbines”, Даниянинг “Haldor Topsoe” нефть ва газ компаниялари, Малайзиянинг “University Technology Petronas” халқаро университети ва бошқа кўплаб таниқли хорижий ва маҳаллий компаниялари ўртасидаги истиқболли ҳамкорлик мустаҳкамланди.
Бир сўз билан айтганда, “OGU 2023” доирасида бугунги дунёда рўй бераётган геосиёсий вазиятда ҳамкорлар учун янги имкониятлар яратиш бўйича халқаро ҳамкорлик режаларини биргаликда муҳокама қилиш учун имкон яратди.
Шунингдек, “Энергетика, энергия тежаш, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2023” 16-Халқаро кўргазмаси ва “Яшил энергетика технологиялари – GETCA 2023” ихтисослаштирилган бўлими ҳам Ўзбекистон энергетика форумининг бир қатор тадбирларида муносиб ўрин эгаллади. Углерод нейтрал энергетикага ўтиш, атроф-муҳитга зарарни камайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар даврида ушбу тадбирлар инновациялар билан танишиш ва профессионал алоқаларни кенгайтириш учун самарали форматга айланди.
Форум ишида Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус Республикаси, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, Канада, Хитой, Корея Республикаси, Монако, Нидерландлар, БАА, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, АҚШ, Туркия, Ўзбекистон, Франция, Хорватия, Чехия, Швейцария, Япония каби 29 та мамлакатдан 400 дан ортиқ компания ва брендлар, 50 дан ортиқ маърузачилар ва 500 дан ортиқ делегатлар ташриф буюрди.
Ушбу нуфузли тадбирлар доирасида соҳани келажаги бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор кўрсатилди. Ўзбекистон нефть-газ ва энергетика секторидаги спортчи ёшларнинг “Youth Marathon” югуриши ўтказилди. Форумнинг ёшлар дастури доирасида ёш соҳа мутахассислари "Ўзбекистоннинг нефть-газ тармоғини ривожлантиришда ёшларнинг ўрни” мавзусида ёш олимларнинг илмий-инновацион семинарида ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Нефт-газ ва энергетика соҳасининг ёш мутахассислари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини, шунингдек, илк маротаба талабалар ва соҳанинг ёш илмий мутахассислари ўртасида кейслар чемпионати ташкил этилди.
Келажак авлодни яшил иқтисодиёт, энергия тежаш ва қайта тикланадиган энергия манбалари ҳақидаги тасаввурларини шакллантириш, экология ва табиатни муҳофаза қилишга бўлган қизиқишларини кучайтириш, бадиий маҳоратларини ривожлантириш ҳамда истеъдодларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган болалар ва ўсмирлар расмлар танлови ҳам жажжи қалб соҳибларида унитилмас хотира бўлиб қолди.