“Долзарб 30 кун” тадбирлари ўтказилмоқда
Хабарингиз бор, июл ойида республика миқёсида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирларига старт берилган эди. Ойлик доирасида Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси объектларида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилди.
Газли газни қайта ишлаш заводида юзага келиши мумкин бўлган табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва шошилинч ишларни аниқлаш ҳамда амалга оширишни текшириш мақсадида тактик-амалий ўқув машғулот ҳам ташкил этилди.
Унда ихтисослашган хизмат ходимлари ва мажмуа ишчи-хизматчиларидан иборат қутқарувчиларга шартли равишда юзага келган ёнғинни бартараф этиш вазифаси топширилди.
Жалб қилинадиган куч-воситаларни тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари синовдан ўтказилди.