“Fitch Ratings” агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
“Ўзбекнефтгаз” АЖда трансформация ислоҳотларини амалга ошириш, хусусан замонавий бошқарув усуллари, очиқлик, шаффофлик ва бозор тамойилларини жадал жорий этиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан белгилаб берилган вазифаларни давомли амалга ошириш мақсадида компания делегацияси жорий йилнинг 15-18 октябрь кунлари Лондонда бўлиб халқаро рейтинг агентликлари, инвесторлар, еврооблигация эгалари ва банклар вакиллари билан навбатдаги учрашувларни ўтказди.
Мулоқотларда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг консультантлари – «J.P. Morgan» ва «Finasia Capital» компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.
Жумладан, «Fitch Ratings» агентлиги вакиллари билан учрашувда компаниянинг сўнгги 12 ой давомида эришган асосий ютуқлари ва ўрта муддатли ривожланиш режалари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор компаниянинг трансформация жараёнларининг жадаллаштирилгани, давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари кучайгани ва молиявий кўрсаткичларнинг ижобий томонга ўзгараётганига қаратилди.
Тадбирда компаниянинг ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан янги заводлар юкламасини босқичма-босқич ошириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Компания томонидан бизнесни диверсификация қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар натижасида даромадларнинг 70 фоизи табиий газ нархларига боғлиқ бўлмаган, углеводородларни қайта ишлаш маҳсулотлари ҳисобига тўғри келаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг барқарор ривожланиш стратегияси ва ESG мақсадларига эриш доирасида карбон чиқиндиларни камайтириш лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати тўғрисида ахборот берилди.
Агентлик вакиллари табиий газ нархларининг ошиши, ҳукуматнинг энергетика ресурслари бозорини босқичма-босқич либераллаштириш чоралари, компания кузатув кенгаши таркибида мустақил аъзоларининг тайинланганлиги, шунингдек, трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бошқа қарорларнинг ижросини юқори баҳоладилар.