Қадимий шаҳарлар бўйлаб саёҳат
Хабарингиз бор, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг тизим ташкилотларида ички туризмни янада ривожлантириш, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимли равишда тарихий қадамжоларга турли саёҳатлар ташкил қилиб келинади.
Президент раислигида ўтказилган ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада оширишга бағишланган йиғилишда ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилиниши муносабати билан бу борадаги ишлар янги босқичга чиқди.
Шу муносабат билан Шўртан ва Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ходимлари тарихий шаҳарларга саёҳатга олиб борилди.
Сафар манзиллари — тарих ва тамаддун бешиги, Марказий Осиёнинг юраги саналмиш Самарқанд, соҳибқирон Амир Темур она шаҳри Шахрисабз бўлди.
Бундай саёҳатлар нафақат маданий мерос билан танишиш, балки дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ходимлар Амир Темур буюк даврини ёдга солувчи Регистон мажмуаси, Улуғбек, Тиллақори ва Шердор мадрасаларидаги бетакрор наққошлик ва меъморчилик санъати билан танишди.
Нафосат ва салоҳиятнинг ёрқин намунаси бўлган Бибихоним масжиди, Темурийлар сулоласи тарихини ўзида мужассам этган Гўр Амир мақбараси ходимларда чуқур таассурот қолдирди.
Улар ўз билимларини тарихий маълумотлар билан бойитиш, янги дўстлар орттириш имконига ҳам эга бўлдилар.
Бу сафар ҳар бир иштирокчи учун эсда қолишга арзийдиган, руҳлантирувчи воқеаларга бой бўлди.