Импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулот ўзлаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, мамлакатда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Ушбу тадбирларга мувофиқ “Ўзбекнефтгаз” АЖ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган “Black treasure” МЧЖда ташкил этилган тадбирда ҳам ишлаб чиқарилаётган ҳар хил турдаги кимёвий реагентлар ва кўмир маҳсулотлари ҳақида батафсил маълумотлар олинди.
Шунингдек, мутахассислар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнлари, ўрнатилган ускуналар ва синов лабораториялари билан яқиндан танишдилар.
Маҳаллий корхона томонидан тақдим этилган янги маҳсулотлар орасида кокосдан тайёрланган активлаштирилган кўмир тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди. Таъкидланишича, ушбу маҳсулот ҳозирда Жамиятга қарашли корхоналарда ишлатилаётган активлаштирилган кўмирга нисбатан 20-30 фоизга самаралироқ бўлиб, қайта ишлатиш имкониятига ҳам эга. Бу эса “Ўзбекнефтгаз” корхоналарида маҳсулотни қўллаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналар учун импортдан харид қилинаётган кимёвий реагентларнинг мазкур корхона томонидан ўзлаштирилган синов партияси лаборатория синовларидан муваффақиятли ўтган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи келгусида ушбу маҳсулотларни оммавий ишлаб чиқариш учун тўлиқ имкониятга эга эканлигини маълум қилди.
Музокаралар якунида маҳаллий корхона билан келгусидаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, кооперацияни янада ривожлантириш учун муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилди.