May 21, 2025

Нефт ва газ саноатидаги инновацион технологияларга бағишланган халқаро конференция

O‘zbekcha Ruscha

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш, уларни қайта ишлаш самарадорлигини оширишнинг инновацион технологик ечимлари ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлашда кластерлар ролига бағишланган халқаро илмий-техник конференция бўлиб ўтди.

Унда "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари рақамли трансформация ва конларни ишлатишда комплекс ёндашув бўйича ўзларининг амалий тажрибаларини тақдим этдилар.

Компания ходимлари томонидан “Газ қазиб олишни оптималлаштиришнинг рақамли ечимлари: Ўзбекистонда кўп вариантли интеграциялашган моделлаштиришдан фойдаланиш тажрибаси” ва “Қуйи Шарқий Бердақ” конидаги қудуқларни бурғилаш самарадорлигини баҳолаш” мавзусидаги маърузалар тақдим этдилди.

Улар ўз тақдимотларида геологик ва гидродинамик модел, ер усти инфратузилмасини ўзида интеграциялашган яхлит моделларни жорий этиш натижасида олдиндан прогнозлаштириш, геологик-техник тадбирларни оқилона режалаштириш, газ йиғиш тизимидаги камчиликларни аниқлаш имкони яратилгани ҳақида тўхталиб ўтдилар. Бу технологик самарадорликни ошириш ва углеводородларни барқарор қазиб олиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Шунингдек, нефт-газ соҳасини рақамли трансформация қилишга жалб этилган юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш муҳимлигига урғу берилди.

Саноат таълим кластерларини ривожлантириш ва университетлар билан яқин ҳамкорлик барқарор технологик ривожланишнинг муҳим элементига айланиб бораётгани таъкидланди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати