Асрлар оша ўтмишга саёҳат
Хабарингиз бор, мамлакатимизда ички туризмни янада ривожлантириш, аҳоли, айниқса давлат ташкилотлари ва идораларда меҳнат қилаётган ходимлар учун муносиб шароитлар яратиш мақсадида Президент фармони билан ҳар байрам саналарида қўшимча дам олиш кунлари йўлга қўйилган.
Шу муносабат билан Мустақиллик байрами кунларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Марказий аппарати бир гуруҳ ходимларининг Хива ва Урганчдаги тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга боришлари ташкил этилди.
Ўтмишга саёҳат шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган Ичан-қалъа ва Дишон-қалъага ташриф билан бошланди. Атрофи лой ва ғиштдан қурилган баланд деворлар билан ўралган бу қалъалар Марказий Осиёдаги энг катта меъморий ёдгорликдир.
Сайёҳлар бу ерда сақланиб қолган Хива меъморчилигининг дурдоналари бўлган кўплаб кўҳна бинолар тарихи ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Қурилиши 9-10-асрга бориб тақалувчи, юзлаб устунларга эга Жума масжидининг ўзига хос дизайн ва услуби ҳам томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.
Афсонавий шоир, файласуф, Хоразм халқ қаҳрамони Пахлавон Маҳмуд мақбараси ҳам зиёрат қилинди. 14-асрда қурилган мақбара атрофидаги мадраса асрлар давомида исломий маърифат маркази вазифасини ўтаган, бу ерда минглаб олимлар етишиб чиққан.
“Нуриллабой” саройига ташриф хонлар даври муҳитига шўнғиш ва ўтмишда ҳукмдорлар қандай яшаганини бугуннинг кўзи билан кўриш имконини берди. Сарой анъанавий Хоразм меъморчилигининг рус ва европача услублар билан уйғунлаштирилганлиги билан ўзгачадир. У ўзининг меъморий кўрки ва тарихий аҳамияти билан сайёҳлар эътиборини тортди.
Сарой машҳур шоир, олим ва маърифатпарвар Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз)нинг қароргоҳи бўлиб хизмат қилган.
Экскурсия давомида томоша қилинган ҳар бир обида ва иншоотлар қадимий Хоразмнинг ўзига хос муҳитини яратади. Ҳар бир иншоот ўз тарихидан ҳикоя қилади, ҳудуднинг маданий мероси ва меъморий улуғворлигини акс эттиради.
Бир сўз билан айтганда бу каби саёҳатлар юртимиз тарихи ҳақидаги маълумотларимизни янада бойитишга хизмат қилади.