Хориж тажрибасини қўллаш орқали бурғилаш муддати 65 кунгача қисқартирилмоқда
Бугун, 10 май куни АОКАда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов иштирокида хорижий усулларни тадбиқ этиш орқали газ қудуқларни бурғилаш муддатини қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш маркази ташкил этилди. Бу жараёнда Жамиятга қарашли 20 дан ортиқ бурғилаш дастгоҳи рақамлаштирилди.
Бугунги кунда бу ишлар барчаси малакали мутахассислар томонидан онлайн таҳлил қилиб борилмоқда.
Марказлашган ташкилий-рақамли бошқарувни яратиш Жамиятга қазиб чиқариш учун сарфланадиган вақтни, хусусан, қудуқларни бурғилаш муддатини 30 фоиздан ортиққа қисқартириш имконини бермоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари хориж тажрибасини ўрганиб, газ қудуқлари бурғилаш жараёнларини назорат қилишни рақамлаштиргани, соҳада такомиллаштирилган ускуналарни қўллаши натижасида бурғилаш муддатлари қисқариб бормоқда.
Қайд этиш лозимки, шу пайтга қадар 4,5 минг метр бўлган битта газ қудуғини бурғилашга ўртача 180-185 кун сарфланган бўлса, хориж тажрибасини қўллаш ва соҳа фидойиларининг заҳмати билан ушбу муддат 65 кунгача қисқартирилмоқда. Бурғилаш ишларининг эрта якунланиши ҳисобига ҳар-бир қудуқ қурилишидан 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинмоқда.
Бундан буён “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли барча янги қудуқларни бурғилашда босқичма-босқич янги инновацион усуллар қўлланилиши режалаштирилган.