Меҳнатни муҳофаза қилишда юқори ўрин
“Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” муносабати билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ташкил этилган танлов ғолиблари аниқланди.
Танлов натижаларига кўра, "Uz-Kor Gas Chemical" қўшма корхонаси Бошқарув раиси "Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги энг яхши иш берувчи" номинацияси бўйича тақдирланди. Ташкилотчилар ушбу номинация корхонада хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш учун илғор усул ва технологиялар жорий этилгани сабаб тақдим этилганини қайд этишди.
Тақдирлаш маросими "Меҳнатни муҳофаза қилишнинг янги даври: иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли" мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция доирасида ташкил этилди.
Унда дунёнинг турли мамлакатларидан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган 100 дан ортиқ юқори малакали эксперт иштирок этди.
Конференция давомида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг роли муҳокама қилинди. Ишлаб чиқариш объектларида хавфли вазиятларни аниқлаш, назорат қилиш ва олдини олиш жараёнларини автоматлаштириш имконини берувчи янги технологик имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай ёндошувлар ишчилар хавфсизлигини сезиларли даражада оширади ва меҳнат шароитларини яхшилашга ёрдам беради. Натижада хатарлар камайиб, корхоналардаги умумий муҳит яхшиланади.