Геологик қидирув ишлари бўйича хорижий тажрибалар ўрганилди
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Геология департаменти ходимлари Россиянинг "ЛУКОЙЛ-Инжиниринг" компаниясида амалиёт ўтаб қайтишди.
Қайд этиш жоизки, "ЛУКОЙЛ-Инжиниринг” қийин ва мураккаб геологик конлардан максимал фойда олиш борасида илғор усуллардан фойдаланишда катта тажрибага эга. Шунингдек, компания илмий изланишлар ва янги технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қазиб чиқариш жараёнларининг самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор инновацион лойиҳаларни халқаро миқёсда амалга оширади.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари сафар доирасида геологик қидирув разведка ва сейсмик тадқиқотлар орқали углеводород конларини излаш ва конлар ҳақидаги маълумотларни йиғишга бағишланган қатор семинарларда иштирок этди.
Хорижликлар иштирокида геология соҳасида замонавий дастурий таъминот ва технологиялардан фойдаланиш, ҳавза моделлаштириш ва сейсмик маълумотларни қайта ишлаш жараёнлари батафсил кўриб чиқилди. Сейсмик ва қудуқ маълумотларини комплекс таҳлил қилиш усуллари ҳам ўрганилди.
Шунингдек, Россия ва халқаро стандартлар асосида қидирув бурғилаш ишлари ва ҳудудий хариталар тузиш амалиёти муҳокама қилинди.
Турли мавзуда ўтказилган тренингларда замонавий усуллар ёрдамида нефт ва газ заҳираларини аниқ баҳолаш имкониятлари ўрганилди.
Ядро ва резервуар суюқликларини тадқиқ қилиш марказига ташриф давомида, лаборатория жиҳозлари ва физик-кимёвий тадқиқот усуллари намойиш этилди.