“Помуқ” станциясидаги газ ҳайдаш агрегати қайта таъмирланди
“Помуқ” станцияси агрегатидаги тезкор таъмир ишлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Помуқ” сиқув компрессор станциясида жойлашган 200-сонли газ ҳайдаш агрегати газ турбинали двигателида юзага келган носозлик муваффақиятли бартараф этилди.
Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли ушбу станциянинг асосий вазифаси конлардан қазиб олинаётган газ босимини кўтариб Газни комплекс тайёрлаш қурилмасига узатишдан иборат.
Мазкур носозлик агрегат ишида турли техник қийинчиликларни келтириб чиқариб, газ қазиб чиқариш ва узатиш барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиш хавфини туғдирган эди. Оператив чора-тадбирлар туфайли носозлик хорижий мутахассисларни жалб этмасдан, ички имкониятдан фойдаланган ҳолда бартараф этилди.
Двигател учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар бошқармага қарашли бошқа сиқув компрессор станцияларида мавжуд ички ресурслар ҳисобидан таъминланди. Қисқа вақт ичида агрегат ишининг қайта тикланиши натижасида станцияни узлуксиз, бир меъёрда ишлаши ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришини олдини олишга эришилди.
Маълумот учун: “Помуқ” сиқув компрессор станциясидаги АИ-336-2-8 русумли газтурбинали двигателлар Украинанинг “Мотор Сич” заводи томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, 2008 йилда ишга туширилган. У йилига 2 млрд куб метр газ ҳайдаб бериш қувватига эга.