September 4, 2023

Нефть ва газ объектларида ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароити ўрганилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан тизимдаги барча бошқарма ва корхоналарнинг ишлаб чиқариш объектларидаги саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолати бўйича мониторинг назорат текшируви (4-босқич) ўтказилмоқда.

Навбатдаги назорат тадбирларида Бухоро ва Навоий вилоятларида жойлашган “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ, Газли нефт ва газни қазиб чиқариш бошқармаси, “Бухоро нефть базаси” МЧЖ, “Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ, “Навоий нефть базаси” МЧЖ ҳамда уларга қарашли объектларда саноат ва экология хавфсизлиги, соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолатлари ўрганилди.

Текширув давомида ишчи-ходимлар иш жойларида махсус кийим-бош ва пойабзаллар, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги, улардан тўғри фойдаланиши, объектларни санитария ҳолати, хавфсизлик плакатлари ва белгилари билан таъминланганлиги ҳамда ходимларнинг хавфсизлик қоидалари ва йўриқномаларга риоя қилиш ҳолатлари ўрганиб чиқилди. Корхоналарда санитар тозалиги таъминланган, қуриган ўтлардан тозаланган, ишчи ходимлар махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган.

Натижаларга асосан, меҳнатни мухофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси йўналишида 246 та, газ хавфсизлиги йўналишида 5 та, ёнғин хавфсизлиги йўналишида 72 та, электр хавфсизлиги йўналишида 37 та ҳамда хавфсизлик маданиятини ривожлантириш ва риск билан ишлаш йўналиши бўйича 33 та камчилик аниқланди.

Ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитлари ҳамда соғлиқни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги ҳолати бўйича бир қанча камчиликларга йўл қўйган 21 нафар ходимга чора кўрилди, 11 нафар ходим эса рағбатлантирилди.

Аниқланган камчилик ва номувофиқликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тузилди. Уларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан бошқарма ва корхоналар масъул ходимларига топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube