April 24

“Ўзбекнефтгаз” чиқинди газлар билан боғлиқ муаммоларни қандай ҳал этмоқда?

O‘zbekcha Ruscha

Сўнгги йилларда бутун дунёда экологияга масъулият билан муносабатда бўлиш тақазо этилмоқда. Кўплаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятида табиий ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш, чиқинди газларини камайтириш ва улардан фойда олишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам бу соҳада ижобий ўзгаришлар мавжуд. Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ чиқинди газларининг ҳавога чиқишини камайтириш мақсадида маҳаллий корхона - “CARBON-POLYMER” МЧЖ билан ҳамкорликни бошлади. Бу ҳамкорлик нафақат табиатни асраш, балки иқтисодий самарадорликни оширишга ҳам хизмат қилади.

Мутахассислар Шўртан, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда Муборак газ қайта ишлаш заводидаги чиқинди газларнинг таркиби, ҳажми ва ҳавога чиқиши билан боғлиқ хатарларни таҳлил қилмоқда.

Олиб борилган таҳлиллар асосида таклиф қилинган ечимлар орқали зарарли моддалар камаяди ҳамда бу газлар қайта ишланиб фойдали маҳсулотларга айлантирилади. Энг муҳими – бир йилда 22 миллион куб метр газ тежалиши режалаштирилган!

Бундан ташқари, “E-kоn” лойиҳаси доирасида қазиб чиқариш конларида фойдаланилаётган насослар учун эҳтиёт қисмлар маҳаллий равишда ишлаб чиқаришга оид таклифлар тайёрланмоқда. Бу эса импортга бўлган эҳтиёжни камайтиради ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлайди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “CARBON-POLYMER” МЧЖ ўртасидаги ҳамкорлик атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва янги технологияларни жорий этишда муҳим қадамлардан биридир.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати