"Uzbekistan GTL" халқаро авиация тадбирида тақдимот билан иштирок этди
Самарқанд шаҳрида “Ўзавиация” агентлиги ҳамда Халқаро фуқаро авиация ташкилоти (IKАO) ҳамкорлигида “Халқаро авиация учун углерод эмиссияларини қисқартириш ва компенсациялаш тизимини (CORSIA) жорий этиш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Дунёнинг 30 та давлатидан экспертлар ва мутахассислар иштирок этган тадбир давомида ҳаво транспорти соҳасидаги экологик хавфсизлик, углерод эмиссияларини қисқартириш ва келажакдаги истиқболли ечимлар муҳокама қилинди.
Халқаро семинарда "Uzbekistan GTL" МЧЖ ўзининг синтетик “GTL” авиакеросини тақдимоти билан иштирок этди. Тадбирда заводнинг Бош директори А. Баҳодиров “GTL” авиакеросини ва унинг авиация саноатидаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берди. “GTL” авиакеросини нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ҳам экологик тоза авиация ёқилғиси сифатида эътироф этилмоқда.
“GTL” авиакеросинидан фойдаланиш ҳаво транспорти операторларига атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш имконини беради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, “GTL” керосини ёқилғи сифатида ишлатилганда атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндиларни 86% дан ортиқ миқдорга қисқартириш ва реактив двигател самарадорлигини 53% га ошириш мумкин.
Унинг сифати таркибида олтингугурт ва ароматик бирикмаларнинг камлиги билан тавсифланади. Бу уни анъанавий нефт маҳсулотларидан ишлаб чиқарилган керосин билан солиштирганда экологик жиҳатдан тоза ва самарали эканлиги билан аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
“GTL” керосини анъанавий керосин билан 50% гача бўлган миқдорда аралаштириш компонент сифатида қўлланилади ва реактив ёқилғи ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.
Қайд этиш жоизки, “CORSIA” (Carbon Offsetting and Reduction Scheme for International Aviation) — бу халқаро авиация учун углерод эмиссияларини қисқартириш ва компенсациялашга қаратилган глобал ташаббусдир. Ўзбекистон бу тизимни жорий этишда фаол иштирок этмоқда ва "GTL" каби экологик тоза ёқилғиларни ишлаб чиқаришга қаратилаётган эътибор эса мамлакатнинг ушбу йўналишдаги етакчи позициясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.