Остонада минтақа нефт-газ кимёси ривожи муҳокама қилинди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё ва Каспий минтақасида нефт-газ кимёси ва нефтни қайта ишлашга бағишланган 11-халқаро анжуман бўлиб ўтди. Ҳар йили ташкил қилинадиган ушбу анжуман соҳадаги долзарб масалаларга ечим топиш учун мутахассислар ўртасидаги муҳим платформа ҳисобланади.
"KPMG" компанияси вакили томонидан бошқарилган сессияда "Uzbekistan GTL" МЧЖ Бош директори А. Баҳодиров, "Kazakh Invest" компанияси Бошқарувчи директори А. Кожанов ҳамда "Samruk-Kazyna Ondeu" компанияси бизнес ривожлантириш бўйича Бошқарувчи директори Ж. Оразалиев қатнашдилар.
Сессия давомида минтақанинг келажакдаги нефт ва газ кимё саноати ривожланиш босқичлари ҳамда соҳадаги инвестиция имкониятлари бўйича қизғин муҳокамалар ўтказилди. Асосий мавзу — минтақадаги заводларнинг халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш, компанияларнинг рентабеллигини ошириш ва харажатларни камайтиришга қаратилган бўлди.
Иштирокчилар минтақавий ҳамкорликнинг аҳамияти, технологик инновациялар ҳамда барқарор ривожланиш масалаларига ҳам алоҳида урғу бердилар. Янгидан жорий этилаётган технологиялар орқали саноатнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш имкониятлари кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, геосиёсий ўзгаришлар ва глобал нефт-газ бозорида мувозанатни сақлаб қолиш учун минтақавий ресурсларни оптималлаштириш борасида ҳам фикрлар алмашилди. Анжуманда саноат вакиллари ўзаро тажриба алмашиб, истиқболли ҳамкорлик имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.