July 31, 2025

Корпоратив спорт мусобақасида Жамият ходимлари ғолибликни қўлга киритди

O‘zbekcha Русча

Жамоа ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаоллик даражасини янада ошириш ҳамда ходимларни жамоавий спорт турларига жалб этиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналарида қатор спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Шу билан биргаликда ишчи-ходимларнинг республика миқёсида ўтказилаётган бошқа мусобақаларда ҳам иштироки таъминланмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳрида “CoSport” – Ўзбекистон корпоратив спорт ассоциацияси томонидан республика корхоналари ходимлари ўртасида шахмат бўйича Чемпионлар корпоратив лигасининг Иккинчи кубоги бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Марказий банк, “Beeline” - мобил алоқа оператори, “Fix Price” савдо маркази, “Akkermann Cement” заводи ҳамда DSR IT-компания ходимлари ўзаро беллашди.

Мусобақа Халқаро шахмат федерацияси қоидалари (рапид) асосида ташкил этилди. Иштирокчиларга ҳар бир ўйин учун 10 дақиқа, ҳар бир юриш учун эса 2 сония вақт ажратилди.

Якуний натижаларга кўра, мусобақа чемпиони ва “Олтин кубок”нинг 1-ўрин соҳиби “Ўзнефтгаз бурғулаш ишлари” МЧЖ ходими А. Ражабов деб топилди, “Кумуш кубок”да 2-ўринни Ш. Камолов эгаллади.

Ҳамкасбларимизни қўлга киритган ютуқлари билан табриклаймиз ва кейинги турнирларда уларга омад тилаймиз!

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати