Бир қатор келишувларга эришилди
Тошкентда жорий йилнинг 12-15 декабрь кунлари ўтказилаётган тармоқлараро саноат ярмаркасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари ҳам иштирок этмоқда.
Жумладан, “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариладиган янги турдаги синтетик ёқилғилар, “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонаси ва Шўртан газ кимё мажмуасининг юқори сифатли полимер маҳсулотлари, маҳаллийлаштирилган қувурлар, томчилатиб суғориш тизими эҳтиёт қисмлари, композит панеллар, халқ истеъмоли моллари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг кенг спектрдаги ёқилғи маҳсулотларидан намуналар намойиш этилмоқда.
Жорий кўргазмада ҳам нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ускуналари учун Германия, Италия, Россия, Украина каби хорижий давлатлардан импорт қилинадиган юқори қувватли газтурбина двигателлар, газ агрегатлари, юқори ҳажмли беркитиш-бошқариш қурилмалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари учун алоҳида стенд ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий корхоналар ўртасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Муҳокамалар доирасида маҳаллий корхоналар билан бурғилаш ишларида қўлланиладиган долота ва қувурларни ҳамкорликда ўзлаштириш ва объектларда саноат тажриба синовларидан ўтказиш, таъмирлаш, қайта тиклаш, хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь-ноябрь ойларида ягона кооперация портали орқали умумий қиймати 773,1 млрд. сўмлик 1613 та шартномалар (шундан, 396,1 млрд. сўмлик 315 та шартнома ёки 51,2 % – хизматлар, 376,9 млрд. сўмлик 1 298 та шартнома ёки 48,8 % – маҳсулотлар) ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича 100 та иккитомонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Мазкур меморандумлар бўйича “йўл хариталари” шакллантирилиб, уларни ижроси юзасидан доимий равишда амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга келиб ушбу ҳужжатлар доирасида қиймати 129,4 млрд. сўмлик 253 та шартномалар имзоланди.