September 12

Муборак газни қайта ишлаш заводида инсон омилисиз бошқарув тизими йўлга қўйилди

O‘zbekcha Ruscha

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Муборак газни қайта ишлаш заводи 14-бўлинмасидаги 1, 2, ва 3-сонли газни олтингугуртли бирикмалардан тозалаш қурилмаларида автоматик бошқарув тизимини жорий этиш ва модернизация қилиш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.

Лойиҳа доирасида қурилмалардаги 3 та технологик блок замонавий ва энергия тежамкор технологиялар асосида модернизация қилинди. Уларда автоматик бошқарув тизимини жорий этиш орқали технологик жараёнларни инсон омилисиз назорат қилиш, огоҳлантирувчи ва ҳимояловчи тизимларни ишлатиш имконияти яратилди.

Янги автоматлаштирилган дастурлар орқали жараённи реал вақт режимида кузатиб бориш, маълумотларни архивлаш ва трендларни электрон тарзда сақлаш мумкин бўлди.

Модернизацияга қадар мавжуд ускуналар, жумладан аппаратлар, қувур узатгичлар ва насос агрегатларда қўлда бошқариш жараёни қўлланилар эди. Бундай шароитда ишчи-ходимлар учун хавфсизлик даражаси паст ва меҳнат шароитлари анча қийин эди.

Модернизация жараёнида эски қўлда бошқариладиган мосламалар замонавий автоматлаштирилган мосламаларга алмаштирилди. Бу эса "Ҳалокатга қарши ҳимоя" тизимини жорий этишга имкон берди. Шунингдек, масофадан хавфсиз бошқариш ва технологик параметрларни аниқ назорат қилиш имконияти яратилди.

Модернизация натижасида “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувурларига узатилаётган газ сифатини “OʻzDSt 948:2016” стандарт талабларига мувофиқлигини таъминлашга эришилди. Бу эса маҳсулот сифатини сезиларли даражада оширди.

Маълумот учун: Мазкур қурилмалар 1993 йилда ишга туширилган бўлиб, уларнинг умумий йиллик қуввати 6 миллиард куб метр газ қабул қилишга мўлжалланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook