“Кибернефтгаз” Олий муҳандислик мактаби вакиллари нефтни қайта ишлаш жараёнида
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида муҳандис кадрларни тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда кибертехнологиялар соҳасида замонавий таълим стандартларини жорий қилиш бўйича қатор топшириқлар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳамкорлигида Бухоро муҳандислик-технология институти базасида “Кибернефтгаз” Олий муҳандислик мактаби ташкил этилди.
Мактабнинг очилиши муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ва нефт-газ соҳасида замонавий таълим стандартларини жорий этишда муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ҳамкорлик доирасида мактаб вакиллари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюришди.
Меҳмонлар амалий кўникмаларни ривожлантириш учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида замонавий технологиялар билан жиҳозланган ўқув марказига экскурсия қилишди.
Шунингдек, завод ҳудудидаги “Кибернефтгаз” мактаби талабалари учун барпо этилган амалий тажриба орттириш имконини берувчи махсус полигонда бўлишди.
Ушбу ўқув маркази ва полигон соҳада малакали кадрлар тайёрлашнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг бир қисми бўлиб, талабаларга ўз билим ва кўникмаларини чуқурлаштириш билан бир қаторда, ҳақиқий иш жараёнларига интеграция қилиш имконини беради.
Ишлаб чиқариш ва таълим интеграцияси нафақат бўлғуси кадрларнинг билим даражасини оширишга, балки мамлакатимизда замонавий бозор талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашга катта ҳисса қўшади.