ESG тамойилларини жорий этиш доирасида “Метан эмиссияларини қисқартириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда
"Ўзбекнефтгаз" АЖда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ЕSG тамойилларига мос келувчи лойиҳаларга сармоя жалб этиш мақсадида "Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида метан эмиссияларини қисқартириш" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Маълумот учун: Иссиқхона газлари-бу кўринадиган диапазонда юқори шаффофликка эга ва ўрта ва узоқ инфрақизил диапазонларда юқори сингдирувчи газлар. Атмосферада бундай газларнинг мавжудлиги иссиқхона эффектига олиб келади. Асосий иссиқхона газлари карбонат ангидрид, метан ва озондир.
Метан эмиссияларини камайтириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Швейцариянинг “Vema Carbon” компанияси билан шартнома имзоланди. Шартномадан кўзланган мақсад халқаро мутахассислари билан ҳамкорликда Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли объектларда юзага келган ёки келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишдан иборат.
Лойиҳа доирасида қурилма, резервуар ва қувурлардаги таҳдидлар ёки шикастланишлар мавжудлигини текшириш, инфратузилмасини назорат қилиш ва операцияларни тез ва ишончли кузатишни таъминлаш учун дронлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Газ қувурларини кузатиш учун дронлардан фойдаланиш қўлда текшириш каби анъанавий усулларга нисбатан бир қанча афзалликларга эга. Хусусан, дронлар кеча ва кундуз хавфсиз масофадан қувурларда юзага келган сизиб чиқишларни ўз вақтида аниқлашга ва келгусида уларни бартараф этиш тадбирларини тезлаштириш имкониятини яратади.
Натижада метан эмиссияларини атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, ҳамда маънан эскирган қурилмаларни вақтида аниқлаб, модернизация ва реконструкция қилиш орқали эришилади.