February 20

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини махсус самарадорлик индекслари асосида баҳолаш тизими ва унинг натижаларига бағишланган Брифинг

O‘zbekcha Ruscha

Аввал хабар берилганидек, "Ўзбекнефтгаз" АЖда Жамият тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини махсус самарадорлик индекслар асосида баҳолаш тизими жорий этилган. Яъни, корхоналар — Ишлаб чиқариш самарадорлиги индекси, Технология самарадорлиги индекси, Энергия самарадорлиги индекси ҳамда Қудуқларнинг ишлатиш коэффициенти асосида доимий ўрганилиб, баҳолаб борилади.

Ўтган йил якунлари бўйича таҳлил натижаларига кўра, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Шўртан газ кимё мажмуасида асосий индексларда сезиларли яхшиланишлар қайд этилди. 

Жумладан, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси қайта ишлаш ҳажмининг 1 млрд 889 млн куб метрга ошиши натижасида ишлаб чиқариш самарадорлиги индекси 12,3 фоизга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида нефт маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажми 75,4 минг тоннага кўпайиши ҳисобига самарадорлик индекси 3,7 фоизга, Шўртан газ кимё мажмуасида қайта ишлаш ҳажми 5,7 минг тоннага ошиши натижасида самарадорлик кўрсаткичи 3,6 фоизга яхшиланди. Қайд этиш жоизки, мажмуада полиэтилен ва суюқ углеводородлар ишлаб чиқариш мос равишда 5,7 минг ва 10,6 минг тоннага кўпайган.

Шунингдек, қатор корхоналарда ишончлилик даражасининг ошиши ишлаб чиқаришдаги йўқотишларнинг камайишига олиб келди. Хусусан, Муборак ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида режадан ташқари тўхталишлар сони камайиши эвазига йўқотишлар мос равишда 25 млн 326 минг метр куб ва 9 млн 453 минг метр кубга қисқарди.

Энергия сиғимини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши натижасида Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида энергия самарадорлиги индекси яхшиланган. Натижада, 2023 йилга нисбатан Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида минг метр куб табиий газни қайта ишлаш учун энергия ресурслари сарфи 2,9 фоизга ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 1 тонна хом ашёни қайта ишлаш учун энергия ресурслари сарфи 3,4 фоизга камайди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook