“Зарубежнефть” делегацияси объектларда жорий қилинган инновациялар билан танишди
“Зарубежнефть” компанияси делегацияси “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги инновациялар жорий қилинган нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.
Қайд этиш жоизки, ушбу компания Россия ва хориждаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш, углеводород ресурсларини самарали ва комплекс ишлаб чиқаришни таъминлашга ихтисослашган.
Хорижий нефть компанияси мутахассисларидан иборат делегация таркибидан Россия илмий текшириш институтлари ва олий таълим юртлари профессор ўқитувчиларининг ҳам ўрин олгани келгусида илмий-инновацион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар янги услубда бурғиланаётган “Шўртан” конига қарашли 329-сонли қудуқ, “Е-кон” лойиҳаси асосида рақамлаштирилган 20-сонли газ йиғиш пункти фаолияти билан танишди.
Шунингдек, хорижий мутахассисларга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг замонавий қурилмалари, бир вақтнинг ўзида бир нечта технологик жараёнларни амалга ошириш имконини берувчи марказий бошқарув пульти намойиш этилди.
Ташриф чоғида меҳмонлар маҳсулотларни дастлабки ишлаб чиқаришдан тортиб якуний босқичигача бўлган жараёнлар, ходимлар учун яратилган шароитлар билан таништирилди.
Жойларда ўтказилган учрашувларда тармоқни ривожлантириш бўйича келгусидаги режалар ҳақида маълумотлар берилди. “Зарубежнефть” компанияси томонидан инновацияларни соҳага тадбиқ этиш борасида эришилган натижалар билан ҳам ўртоқлашилди.