January 23, 2024

Стипендия қўлга киритган талабалар тақдирланди

O‘zbekcha Ruscha

Президентнинг “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, “Uzbekistan GTL” заводи учун кадрлар тайёрлаш дастури доирасида бешинчи бор ўтказилаётган компания стипендиялар дастури ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу стипендия нефт ва газ соҳасида таҳсил олаётган билимга чанқоқ, аниқ мақсад сари интилувчан ёшлар салоҳиятларини намоён қилишга имконият яратмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Танловда юртимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 3 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди. Танлов натижаларига кўра, 16 нафар талаба "Uzbekistan GTL" компаниясининг 2023-2024 ўқув йили учун стипендиясининг ғолиби бўлди.

Танлов давомида юқори натижа кўрсатган ва "ТOP-34" дан мустаҳкам жой олган ёшларнинг 18 нафари "Танловнинг фаол иштирокчилари" сифатида эътироф этилди. Шунингдек, иккинчи босқичда 50 баллдан юқори натижа кўрсатган 242 нафар талабага заводда амалиёт ўташ имконияти тақдим этилди.

Маълумот учун, 2019-2020 ўқув йили учун биринчи марта ўтказилган стипендия танловида 850 нафар, 2020-2021 ўқув йилида 1200 нафар, 2021-2022 ўқув йилида 1700 нафар, 2022-2023 2 минг нафардан ортиқ талаба қатнашди. Бу эса йилдан-йилга талабаларнинг ушбу стипендия танловига бўлган қизиқишларини ортиб боришини кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида жами 46 нафар талаба стипендия соҳибига айланди. Уларнинг аксарияти бугунги кунда заводда ўзларининг муваффақиятли меҳнат фаолиятларини олиб бормоқда.

Тақдирлаш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари олий таълим мутасаддилари иштирок этиб, ғолибларни табриклашди, келгусидаги фаолиятларига янги зафарлар тилашди.

“Uzbekistan GTL” PR-хизмати

web-sayt | instagram| telegram | youtube | facebook