2023 йилнинг ўтган даври мобайнида нефть маҳсулотлари сифатини ўрганиш бўйича ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар юзасидан МАЪЛУМОТ
Республика бўйича истеъмолчиларга етказиб берилаётган автобензин сифати бўйича эътирозлар кўпайганлиги сабабли, нефть базалар ва АЁҚШлар орқали сотилаётган автобензиннинг сифати бўйича ўрганишлар ва таҳлиллар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида келиб тушган мурожаатлар асосида “Ўзэнергоинспекция” ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларга асосан Кучлик нефть базаси (73,2 тонна), Навоий нефть базаси ( 38,7 тонна), Урганч нефть базаси (2,072 минг тонна) ва Бухоро нефть базалари (1,86 минг тонна) МЧЖларда сақланаётган автобензин сифати O'z Dst 3031:2015 давлат стандарти талабларига жавоб бермаслиги, яъни автобензин таркибидаги қатрон (смола) ва олтингугурт (сера) миқдори белгиланган меъёрдан юқори ҳамда бир ҳолатда (“Навоий нефть базаси” МЧЖ) октан сони меъёрдан пастлиги аниқланган. Жами аниқланган сифатсиз маҳсулотлар миқдори 4,044 минг тоннани ташкил этган.
Кучлик (73,2 тонна) ва Навоий (38,7 тонна) нефть базаларида аниқланган сифатсиз нефть маҳсулотларининг сифатлари “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига асосан, Ўзбекистон нефть ва газ илмий тадқиқот ва лойиҳалаш институти, “Ўзнефтмаҳсулот ва “Ўздавнефтгазинспекция” томонидан ишлаб чиқилиб 2012 йилнинг 1 октябрь кунидан кучга кирган “Нефть, газ конденсати ва нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ташиш, бериш ва ҳисобга олиш бўйича йўриқнома” 30-сонли иловасининг 4-банди “Нокондицион маҳсулотларни аниқлаш билан боғлиқ асосий чора-тадбирлар, маҳсулотлар сифатини тиклаш” асосида ўрнатилган тартибда тикланиб, камчилик бартараф этилиб, истеъмолчиларга сифатли тарзда етказиб берилган. Нефть маҳсулотларининг сифати бўйича истеъмолчилардан эътирозлар бўлмаган.
“Урганч нефть базаси” МЧЖ ва унинг Шовот ҳамда Хонқа филиалларида (2,072 минг тонна) аниқланган сифатсиз автобензиннинг 587,0 тоннасини “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига асосан, юқорида келтирилган йўриқнома талаблари асосида ўрнатилган тартибда сифати тикланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган. Ушбу маҳсулот бўйича ҳам истеъмолчилардан эътирозлар келиб тушмаган. Ҳозирги кунда 1,485 минг тонна автобензинининг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
“Бухоро нефть базаси” МЧЖ ва унинг Қоракўл филиалида (1,86 минг тонна) аниқланган сифатсиз нефть маҳсулотларининг 323,0 тоннасини “Ўзэнергоинспекция”нинг мажбурий кўрсатмасига биноан, юқорида келтирилган йўриқнома талаблари асосида ўрнатилган тартибда сифати тикланиб, истеъмолчиларга етказиб берилган.
Ҳозирги кунда 1,537 минг тонна автобензиннинг сифатини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Нефть маҳсулотлари сифатининг бузулишига йўл қўйган 4 нафар раҳбар ходим ва 4 нафар моддий жавобгар шахслар фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади.
Нефть маҳсулотларини сифат ва миқдор жиҳатидан бус-бутун сақланишини таъминлаш юзасидан барча нефть база раҳбарлари огоҳлантирилган ва келгусида нефть маҳсулотларини сифат жиҳатидан тўлиқ сақлаш ҳамда истеъмолчиларга сифатли тарзда етказиб берилишини таъминлаш бўйича нефть базалар томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.