Юқори сифатли бензин ишлаб чиқариш ҳажми оширилади
Маълумки, ҳукумат томонидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш орқали “Евро-5” синфидаги юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва “Евро-2” синфидаги АИ-80 бензинидан воз кечиш белгиланган.
Ушбу вазифани амалга ошириш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва Франциянинг “Axens” компанияси ўртасида технологик қурилмаларни лойиҳалаштириш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
14-16 май кунлари пойтахтда ўтказилаётган “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2024” халқаро кўргазмасига ташриф буюрган “Axens” компанияси вакиллари билан навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди.
Унда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича лицензиарнинг лойиҳа ҳужжатларини амалга ошириш жадвалини тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар муносабатларни янада ривожлантириш, лойиҳа бўйича келгусидаги режалар юзасидан ўзаро фикр алмашишди.