Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш лойиҳаси доирасида Аксенс компанияси билан ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Бухоро НҚИЗни модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш орқали Евро-5 синфидаги юқори октанли бензин ишлаб чиқаришга ўтиш ва Евро-2 синфидаги АИ-80 бензинидан воз кечиш белгиланди.
Лойиҳа орқали 60% ва 40% ҳажмдаги юқори октанли АИ-92 ва АИ-95 бензинларини мос равишда ишлаб чиқариш назарда тутилган. 2024-2025 йилларда лойиҳалаштириш ва “Fast-tack” режимида қуриш режалаштирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш мақсадида технологик лицензиар — Аксенс (Франция) компанияси билан технологик қурилмаларни лойиҳалаштириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Лойиҳанинг технологик конфигурацияси нафтани гидротозалаш янги қурилмаси, изомеризация қурилмаси ва пиролиз дистиллятини селектив гидрогенлаш қурилмасини қуришни назарда тутади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг 2024 йил 22 апрелдан 24 апрелгача бўлган ташрифи доирасида лицензия шартномаси, жумладан, кадрлар тайёрлаш ва технология лицензиари – Аксенс билан лойиҳа ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоланди.
Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида Аксенс компанияси ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2024 йил 24 апрелдан 26 апрелгача бўлган муддатда бошланғич йиғилиш ўтказилди, бу ўз навбатида технологик қурилмаларни лойиҳалаштириш жараёнининг бошланиши ҳисобланади.