Энди ҳафтанинг бир куни маҳаллийлаштириш ва кооперация куни бўлади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий корхоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва харидлар жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида, ҳафтанинг ҳар сешанба куни “Маҳаллийлаштириш ва кооперация куни” деб эълон қилинди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлашга ва миллий саноат салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган.
Шу кун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш йўналишларида эришилган ютуқларни таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги истиқболли режаларни белгилашга бағишланади.
Учрашувларда саноат маҳсулотларини ўзлаштириш масалалари кўриб чиқилади, тармоқлараро ҳамкорликдаги мавжуд тўсиқлар муҳокама қилиниб, уларга ечимлар таклиф этилади. Очиқ муҳокамаларда барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратилиши таъминланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллий саноат корхоналари билан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларнинг саноат-тажриба синовлари ва лаборатория тадқиқотларини ўтказиш борасида ҳамкорлик қилишни кенгайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жамиятнинг эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва ўзлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ҳамкорлик имкониятлари ҳақида батафсил маълумотларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш департаментининг +99878 207 72 27 (2339, 2322) телефон рақамлари орқали олиш мумкин.