Маҳаллий корхоналар билан импортни қисқартиришга эришилмоқда
Импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллий корхоналар ҳамкорлигида ўзлаштиришни жадаллаштириш мақсадида “NamMotors Servis” МЧЖ ҳамда “Uz-DongJu Peint Ko” қўшма корхонаси вакиллари Қашқадарё вилоятида жойлашган "Ўзбекнефтгаз" АЖга қарашли барча корхона ва бошқармаларда бўлишди.
Учрашувларда маҳаллий корхоналар вакиллари газ қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш жараёнлари билан яқиндан танишиб, ҳамкорликда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.
“NamMotors Servis” МЧЖ томонидан импорт ўрнини босувчи 36 комплект сув насосларини ишлаб чиқариш, марказлашган пульт бошқаруви тизимини жорий этиш ҳамда эски насосларни замонавий энергия тежамкорларига алмаштириш таклиф қилинди. Шу билан бирга, корхона электр ва шинали двигателларни таъмирлаш бўйича ҳам ўз хизматларини кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
“Uz-DongJu Peint Ko” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган инновацион саноат бўёқлари ва иссиқликка чидамли изоляция қопламалари тақдимоти ўтказилди. Бу маҳсулотлар нефт ва газ саноатида коррозияга қарши ҳимоя ва энергия самарадорлигини ошириш мақсадида қўлланилади. Музокараларда ушбу маҳсулотларни лаборатория синовлари ва саноат тажрибаларидан ўтказиш учун ишчи гуруҳи ташкил этишга келишиб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва маҳаллий корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда мамлакатда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.