Хитойлик ҳамкорлар билан лойиҳалар муваффақиятли давом этмоқда
Хабарингиз бор, “Ўзбекнефтгаз” АЖ табиий газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ва ушбу жараённи янада самарали ташкил қилиш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг йирик нефт-газ корпорацияси “CNPC” билан қатор ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширмоқда. Бу алоқалар нафақат газ қазиб олиш ҳажмини ошириш, балки илғор технологияларни мамлакатимиз нефт-газ саноатига жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида “CNPC” мутахассисларидан иборат делегация юртимизга келиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар давомида янги лойиҳалар, технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш бўйича фикр алмашилди. Делегация аъзолари шунингдек, Муборак ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида ҳам бўлиб, қазиб олиш жараёнлари билан яқиндан танишишди.
Меҳмонлар Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлганларида “Денгизкўл” газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ҳамда Сиқув компрессор станциясини кўздан кечирдилар.
Хорижликлар газ қудуқларининг ҳолати ва технологиялари билан танишиб чиқишди. Қудуқ тубидаги техник қувурларга йиғилиб қолаётган қатлам сувларини бартараф қилиш учун плунжер насосларини жорий этиш бўйича таклифлар ҳам ўртага ташланди.
Шўртан бошқармасида эса, 20-сонли газ йиғув жойидаги дастлабки тайёрлаш технологик қурилмалари, компрессор станцияси кўриб чиқилди. Ушбу объектларда электрон тезкор маълумот алмашинув тизимларини жорий қилиш орқали газ қазиб чиқариш самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди.
Томонлар ўртасидаги учрашувлар самарасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “CNPC” компанияси нефт ва газ соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Бу лойиҳалар нафақат газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, балки соҳадаги инновациялар ва илғор технологияларни қўллашга ҳам йўналтирилган.