Ўқувчилар ишлаб чиқариш объектларида
Президентнинг “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Таълим-ишлаб чиқариш кластери ташкил этилган.
Таълим-ишлаб чиқариш кластери бир қатор университетлар, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ва ихтисослашган марказларнинг ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Ушбу кластер доирасида ишлаб чиқариш ва таълимни мукаммал интеграция қилиш, мутахассисларнинг амалиётдаги тажрибаларини ошириш каби бир қатор тадбирлар амалга оширилди.
Тошкентдаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг академик лицейи ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабининг ўқувчилари учун "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Марказий аппаратига ташкил этилган экскурсиялар, айни пайтда кластеридаги ишлаб чиқариш жараёнлар ҳамда технологиялар билан яқиндан танишишга имкон яратди.
Экскурсиянинг биринчи қисмда, ташриф буюрган ўқувчиларга нефт-газ конлари геологияси, қудуқларни бурғилаш ва углеводород хом ашёларини қазиб олиш жараёнлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди. Иккинчи қисмда, уларга нефтни қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнлари кўрсатилди.
Шунингдек, Таълим кластерига кирувчи Ғузор туманидаги 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий таълим мактабининг 20 нафар ўқувчилари учун амалга оширилган экскурсияда “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг ишлаб чиқариш имкониятлари ва муаммолари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Экскурсиянинг мақсади – ўқувчиларнинг соҳага қизиқишини янада ошириш ва уларга келажакдаги касбий фаолият учун зарур бўлган амалий кўникмаларни шакллантиришдир.
Тадбир давомида, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналари фахрийлари билан учрашувлар ўтказилди. Мутахассислар ва соҳа фахрийлари ўқувчиларнинг саволларига жавоблар бериш орқали, уларнинг соҳага бўлган қизиқишини мустаҳкамладилар ва нефт-газ соҳасидаги замонавий тенденциялар, инновациялар ҳақида тўлиқ маълумотлар беришди.