Давлат бошқаруви академиясида раҳбар ходимлар учун малака ошириш курслари ташкил этилди
Таълим кластерига киритилган ишлаб чиқариш корхоналарининг бир гуруҳ раҳбар кадрлари ва ходимлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўтказилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида иштирок этишди.
Ушбу курслар давлат раҳбари томонидан имзоланган “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан ташкил этилди.
Малака ошириш курсларидан мақсад раҳбарларнинг бошқарув кўникмаларини ошириш ва халқаро муносабатларда музокаралар ўтказиш, стратегик режаларни ишлаб чиқиш, низоларни бошқариш, самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) каби йўналишлардаги билимларини мустаҳкамлашдан иборат.
Машғулотларда раҳбарликнинг замонавий методлари, самарали бошқарув тизимлари, халқаро ва ички бозорлардаги трендлар, ишлаб чиқаришнинг барқарор ривожланиши учун зарур бўлган қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган маърузалар тингланди.
Мазкур курслар нафақат кадрлар тайёрлаш, балки уларнинг шахсий ва профессионал ривожланишини таъминлашга, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори самарадорлик билан амалга оширишга хизмат қилади.