“Halliburton” компанияси вакиллари билан ишчи учрашув бўлиб ўтди
Бугун “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва нефт конларига хизмат кўрсатиш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири “Halliburton” компанияси вакиллари ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда углеводород хомашёсини қидириш, бурғулаш ва қазиб олиш, шунингдек, конларни ўзлаштириш самарадорлигини ошириш учун илғор технологияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида асосий эътибор газ конларини қидириш ва ушбу жараёнга янги технологияларни, жумладан сейсмик қидирув, геологик-геофизик таҳлил ва коллекторларни рақамли моделлаштиришнинг илғор усулларини қўллашга қаратилди.
Шунингдек, қайта тиклаш қийин бўлган заҳираларни ривожлантириш - углеводородларни қазиб чиқариш даражасини ошириш учун илғор бурғилаш ва қудуқларни тугатиш усулларини ўрганиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Конларда қазиб чиқаришни оптималлаштириш – қудуқлар унумдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш муддатини узайтиришда интенсивлаштиришнинг инновацион усулларини қўллаш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Томонлар "Halliburton" компаниясининг замонавий технологияларини Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш имкониятларини, жумладан, нефт-газ саноатида мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳалар ва таълим дастурларини яратиш истиқболларини алоҳида муҳокама қилдилар.
Учрашув якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ва амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни белгилаб берувчи йўл харитасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонда углеводород ресурсларини ўзлаштириш самарадорлигини сезиларли даражада ошириши ва янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.