Насос ва компрессорлар диагностикаси бўйича тажриба алмашилди
"Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти ва бошқармаларнинг соҳага оид ходимлари Россиянинг Альметьевск давлат технология университетида (АДТУ) "Марказдан қочма насос агрегатларининг техник диагностикаси" йўналишида ўтказилган ўқув семинарида иштирок этиб қайтишди.
Мазкур университет нефт ва газ саноати учун мутахассислар тайёрлайдиган нуфузли олий таълим муассасасидан ҳисобланади. Ўқув юрти нефтни қайта ишловчи заводларга яқин жойлашгани боис талабаларга амалиёт ўташларида катта имкониятлар яратади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари мазкур ўқув семинарда техник диагностикани автоматлаштириш, компрессор ва насос агрегатларини марказлаштириш, айланувчи қурилмаларда вибрацияни аниқлаш каби мавзуларда маърузалар тинглашди.
Шунингдек, замонавий электрон асбоблар ёрдамида насослар ва компрессорларнинг техник ҳолатини назорат қилиш ва диагностика қилиш бўйича амалий машғулотларда иштирок этишди.
Семинар доирасида "РИМЕРА-АЛНАС", "СИСТЕМА-СЕРВИС" ва "ТН-Сервис" каби йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар турлари ва таъмирлаш ишлари билан яқиндан танишилиб, ўзаро тажриба алмашилди.