Нефт базада махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги “Жиззах нефт базаси” МЧЖда “Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганда объект раҳбарияти ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари ҳаракати” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Уни ўтказишдан мақсад фавқулодда вазиятлар рўй берганда объект фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибига хабар бериш, уларни йиғиш, саф кўригини ўтказиш ва қуйи тизим хизматлари билан ҳамкорликда ҳаракатларни амалга ошириш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Машғулотда дастлаб вазият содир бўлган жойни аниқлаш, уни ўраб олиш, ҳаводаги зарарли моддалар таркиби ва умумий вазиятни аниқлаш, жабрланувчиларни олиб чиқиб, биринчи ёрдам кўрсатиш ҳаракатлари амалга оширилди. Сўнгра товар-моддий бойликларни хавфсиз жойга эвакуация қилишда ҳамкорликда амалга ошириладиган ҳаракатлар намойиш этилди.
Кузатувчилар иштирокчилар томонидан қабул қилинган қарорлар, шартли хабарлар бўйича амалга оширган ҳаракатларни таҳлил қилишди. Йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида “Жиззах нефт базаси” МЧЖ раҳбарияти ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва уни бартараф этишга “ТАЙЁР” деб баҳоланди.