Энди қазиб чиқаришда ажралган қатлам сувлари тозаланиб, ундан кенг фойдаланилади
Глобал иқлим ўзгариши туфайли дунё миқёсида сув ресурслари тобора камайиб бормоқда. Бу эса, сувни тежаш, уни қайта ишлатиш масаласи нақадар долзарб эканини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “яшил иқтисодиёт” ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир кўплаб ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ҳам жуда муҳим лойиҳа амалиётга жорий этилди.
Гап шундаки, "Ўзбекнефтгаз" АЖ Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти мутасаддилари мутахассислар билан ҳамкорликда табиий газ қазиб олиш жараёнида ажралиб чиқадиган қатлам сувларини тозалаш ва ундан қайта фойдаланишни йўлга қўйишди. Бу сувлар махсус қурилма орқали фильтрланиб, техник эҳтиёжлар ёки чўл ҳудудларида кўкаламзорлаштириш, суғориш мақсадларида қайта ишлатилади.
Қайд этиш жоизки, бу лойиҳа Бош вазирнинг конларга қилган навбатдаги амалий ташрифларидан бирида ҳукумат раҳбари томонидан берилган таклиф бўлиб, шу вақтга қадар пилот лойиҳа сифатида кўп синовлардан ўтказилди. Халқаро ҳамкорлар, экологлар билан ишлаш натижасида ушбу тизимли муаммога ҳам иқтисодий, ҳам экологик ечим топилди.
Лойиҳа доирасида илк бор Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 9-сонли газ йиғиш пунктида Туркиянинг “BIOWATER” компанияси билан ҳамкорликда махсус қурилма ўрнатилиб, синов тариқасида ишга туширилди. Ушбу қурилма кунига 100 тонна ифлосланган сувни тозалаб, ундан 80 тоннасини техник ёки суғориш учун яроқли ҳолатга келтиради.
Мутахассислар қурилмага “тескари осмос” усулини ҳам жорий қилдилар. Бу технология орқали сув тўлиқ минералсизлантирилади ва ишлаб чиқариш жараёнларида зарур бўлган тоза сув талабини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мумкин бўлади.
Ҳозирда тозаланган сувдан экин майдонларини суғориш бўйича Санитария-эпидемиология хизмати томонидан тегишли рухсатномалар олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ушбу синов натижаларидан келиб чиқиб, бундай сув тозалаш қурилмаларини ўзининг бошқа кон ва заводларида ҳам кенг жорий этишни режалаштирмоқда. Бу нафақат сувни тежаш, балки атроф муҳит муҳофазаси, тупроқнинг қуруқлашишини бартараф этиш ва мамлакатимиз экологик барқарорлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.